47 та аҳоли пунктидан 31 тасида мобил алоқа қамрови даражаси етарли эмаслиги аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан алоқа соҳасида истеъмолчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ва ҳолати юзасидан ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилди. Бу ҳақида review.uz нашри хабар бермоқда.

Хусусан, кўрсатилаётган хизматлар сифатини амалдаги стандартлар, қоидалар, нормалар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси ва “Электромагнит мослашув маркази” ДУК ҳудудий бошқармалари вакиллари билан биргаликда жойига чиққан ҳолда 6 та вилоятнинг (Андижон, Навоий, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятлари) 47 та аҳоли пунктида техник ўлчов ишлари амалга оширилди. Шундан, 31 та аҳоли пунктида мобил қамров даражаси етарли эмаслиги аниқланган.

Шунингдек, телекоммуникация хизматлари истеъмолчилари фикрини ўрганиш мақсадида республиканинг 158 та туман (шаҳар)идаги 922 та аҳоли пунктида 4645 нафар истеъмолчи билан юзма-юз сўровнома ўтказилди.

Сўровномада жами иштирок этганларнинг 30,5 фоизи Beeline, 26,6 фоизи Ucell, 20,4 фоизи UzMobile, 17,6 фоизи UMS, 4,2 фоизи Humans ва 0,6 фоизи RWS (Perfectum) абонентлари ҳамда 10,3 фоизи икки ва ундан ортиқ мобил алоқа оператори абоненти ҳисобланади.

Уларнинг нега айнан ушбу мобил алоқадан фойдаланиши сабабли таҳлил қилинганда, 34,7% алоқа сифати яхшилиги, 34% ҳар тарафлама қулайлиги, 12,7% оила аъзолари ва танишлари шу компаниядан фойдаланиши ҳамда 18,7% бошқа сабабларни маълум қилган.

Телекоммуникация хизматларини кўрсатиш қоидаларинининг (рўйхат рақами 3275) 149-бандига мувофиқ, оператор (провайдер) тақдим этиладиган хизматлар, уларни тақдим этиш ва мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш тартиби, ушбу хизматларга тарифлар, мобил алоқадан фойдаланишда чекланишлар тўғрисида абонентларни, шунингдек, мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун шартномани тузиш истаги бўлган жисмоний ва юридик шахсларни хабардор қилишга мажбурлиги белгиланган.

Мобил алоқа абонентлари ўртасида сўровнома давомида мобил алоқа хизматлари ҳақида берилган маълумот етарлилиги истеъмолчилардан сўралганда, уларнинг 19,2% етарли эмаслигини билдирган. Истеъмолчиларнинг 42,9% хизмат ҳақидаги маълумотларни SМS хабарлари орқали, 33,5% интернет орқали, 7,7% танишлари орқали ва 15,8% бошқа манбаалар орқали олишини маълум қилган.

Қоидаларнинг 238-бандига кўра, телекоммуникация хизматлари оператор (провайдер) ва абонент ўртасида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёзма ёки электрон шаклда тузиладиган шартномага асосан тақдим этилиши, 296-бандида Мобил алоқа хизматларини кўрсатишда оператор (провайдер) абонент — жисмоний шахсга мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун у билан тузилган шартноманинг нусхасини ёки мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун оммавий шартнома тузилганлигининг тасдиғини тақдим этишга мажбурлиги белгиланган.

Бироқ, ўтказилган сўровда 42,3% абонентлар хизматга уланишда шартнома шартлари ва/ёки оммавий оферта билан танишиб чиқмаганлигини билдирган.

Абонент томонидан мобил алоқанинг айрим хизматлари тўпламлари учун алоҳида тарифлардан фойдаланиб, тўплам ичига одатда маълум миқдорда сўзлашув дақиқаси, чиқувчи SМS ва интернет трафиги киритилади.

Лекин, мазкур тариф режасига асосан берилган ойлик лимитдан истеъмолчиларнинг тўлақонли фойдаланиши таҳлил қилинганда, 69,4% абонентлар ажратилган лимитдан тўлиқ фойдаланмаслигини билдирган.

Шундан, 46,5% абонентларда ажратилган лимитнинг ярмидан кам қисми ва 24,4% ярмидан кўп қисми қолиб кетишини, 22,4% интернет трафик Mb тўлиқ фойдаланилсада, дақиқа ва SМS қолиб кетишини ҳамда 6,7% абонентлар бу ҳолатга эътибор бермаганлигини маълум қилган.

Бунда, 57,9% абонентлар алоқа сифати қониқарсизлиги ойлик ажратилган лимитдан тўлиқ фойдаланишга таъсир қилади деб ҳисоблайди.

Абонентларнинг мобил алоқа бўйича қандай эътироз ва шикоятлари мавжудлиги ўрганилганда, уларнинг 51,5% шикояти йўқлиги, 27,4% алоқа сифати яхши эмаслиги, 9,1% тарифлар қимматлиги, 11,9% бошқа эътирози мавжудлигини айтиб ўтган.

 

Сўровнома давомида истеъмолчиларнинг мобил алоқа (мобил интернет) хизматларидан ташқари яна қандай телекоммуникация хизматларидан фойдаланиши таҳлил қилинганда, уларнинг 47 фоизи фойдаланмаслиги, 32,2 фоизи уй шароитида WiFi хизматидан, 8,4 фоизи симли телефон ва 12,4 фоизи бошқа хизматлардан фойдаланишини билдирган.

Бунда, 26,8 фоиз абонентлар мазкур алоқа хизматлари бўйича эътироз ва шикоятлари мавжудлигини, бироқ уларнинг 78,6 фоизи ўз шикоятлари бўйича ҳеч қаерга мурожаат қилмаганлигини маълум қилган.

Алоқа хизматлари бўйича 12,4 фоиз абонентлар тегишли идора ва ташкилотларга ҳамда 9 фоизи компанияга ўз шикоятини билдирган бўлиб, бундай шикоятларнинг 28,4 фоизи алоқа сифати бўйича, 10,6 фоизи пуллик ҳисоб-китоблар бўйича ва 61 фоизи бошқа масалаларга тегишли.

Шунингдек, алоқа хизматларини яхшилаш бўйича истеъмолчиларнинг таклифлари таҳлил қилинганда, сўровда иштирок этганларнинг 42,5% таклифи мавжуд эмаслиги, 29% алоқа сифатини яхшилаш ва интернет тезлигини ошириш, 8,7% тариф нархларини арзонлаштириш, 6,7% фойдаланилмаган лимитни кейинги ойларга ўтказиш, 2,9% контент ва бошқа қўшимча хизматларга улаб қўймаслик, 2,9% тижорат SМS юбормаслик, 8,1% бошқа (ортиқча ва хато ўтказилган пулларни қайтариш, конструктор тариф режаларини жорий қилиш, ортиб қолган ойлик лимитни бошқа хизматга алмаштириш ва бошқа) таклифларни билдирган.

Подписывайтесь на наш канал в Telegram, чтобы быть в курсе о новинках на рынке мобильных телефонов Ташкента. Для этого достаточно иметь Telegram на любом устройстве, пройти по ссылке и нажать на кнопку Join!