АКТ вазири ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди

2020 йил 29 декабрь куни давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бу йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилдилар. Президентимиз 2020 йил 25 декабрь куни  Ёшлар форумида юртимизда қандай ислоҳотларга қўл урмайлик, аввало, ёшларга, уларнинг куч-ғайратига ва азму шижоатига суянишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Форумда жуда кўплаб соҳалар қатори ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси олдига ҳам бир қанча вазифалар қўйилди. Ана шу вазифалардан келиб чиққан ҳолда Вазирлик ўз олдига муҳим вазифаларни белгилаб олди.

Шундан келиб чиқиб, бугун 13 феврал куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик парки (IT Park) мажмуа шоу-румида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Содиқов билан Ахборот технологиялари ва коммуникация тизимларида фаолият юритаётган ҳамда соҳа тизимидаги ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлари ўртасида очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқотда вазир сўз олиб, қатор долзарб масалаларни ўртага ташлади. Хусусан, энг муҳим йўналишлардан бири ахборот технологиялари соҳасида етук кадрлар тайёрлаш эканини қайд этди. Чунки, дунё бўйлаб кун сайин янги ва янги ноу-хаулар юзага келмоқда, жаҳон иқтисодиётининг рақамлашуви ва бошқа кўплаб омиллар технологиялар соҳаси олдига юксак вазифаларни қўймоқда. Ана шу тенденцияни яхши тушунган тизим жамоаси мамлакат ёшларини жаҳон майдонида мустақил ва қатъий ёндашувига эга бўлган, маънавий ва жисмонан баркамол бўлиб етишишлари, замонавий юқори технологиялардан фойдаланиш кўникмаларини ошириш масалаларига катта эътибор қаратмоқда.

“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури доирасида вазирлик томонидан кўплаб амалга ошириш керак бўлган ишлар белгилаб олинган. Ёшлар ва масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформасини яратиш, ёшларни IT соҳасига янада қизиқтириш, уларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида жорий йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманда Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил қилинади.

 Шу билан бирга, Тошкент вилоятида Ахборот технологиялари университети филиали ҳамда барча ҳудудларда мазкур йўналишда техникумлар фаолиятини йўлга қўйилади.

2021 йилдан бошлаб халқаро “IT” сертификатларини қўлга киритган ёшларга харажатларининг 50%гача бўлган қисмини қоплаб бериш вазифалари белгиланди.

Кейинги икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг ёшни компьютер технологиялари йўналишида бепул ўқитиш, масофавий таълимни ва дарсларни онлайн ўтказиш имкониятини яратадиган “Онлайн, Рақамли, Хавфсиз ихтисослаштирилган мактаб”, “Олий таълим жараёнларини бошқариш” ахборот тизимларини яратиш ва ишга туширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Хоразм, Наманган вилоятлари ва Тошкент шаҳрида IT-парк филиллари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.

2020 йилда   IT-Park  резидентлари томонидан жами 750дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 346,2 млрд. сўм, хусусан, экспорт ҳажми 8,4 млн. долларни ташкил этди.

IT Parkнинг ҳудудий филиаллари бинолари Андижон (“Digital City” технопарки), Фарғона (IT-Park  Марғилон филиали), Сирдарё (IT-Park  Гулистон филиали) Қашқадарё, Жиззах ва Самарқанд  вилоятларида фойдаланишга топширилди, Андижон филиалида 10 та ва Марғилон филиалида 7 та резидент фаолият юритмоқда.

«Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳаси, Ўзбекистон Республикаси Aхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бирлашган Aраб Aмирликлари “Dubai Future Foundation” фонди томонидан, Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги ПҚ–4851сон қарорига мувофиқ 2020 йилда 14 та ихтисослаштирилган таянч мактаблари ташкил этилди ва жихозланди. Ушбу вазифаларни амалга оширишда соҳа тизимидаги корхона ва ташкилотлар ҳомий сифатида бириктирилди ва 10 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ажратиди.

Шунингдек, 2021 йилда82 та, 2022 йилда64 та ва 2023 йилда45 та ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилиши кўзда тутилган.

ТАТУда 2020/2021 ўқув йилида янги Рақамли иқтисодиёт бакалавр таълим йўналиши ҳамда 8 та янги магистратура мутахассислиги очилди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан ТАТУ тузилмасида Ўзбек-Беларусь қўшма факультети ташкил этилиб, 2020/2021 ўқув йили учун қўшма факультетга 500 нафар талаба қабул қилинди. ТАТУ ва унинг филиалларида жами 15000 нафарга яқин талаба таҳсил олмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 7 январдаги ПҚ-4097-сон қарори билан Тошкент шаҳрида Амити университети ташкил этилган ва ўз фаолиятини 2019/2020 ўқув йилидан бошлаган Тошкент шаҳрида Амити университетига хорижий мамлакатлардан 17 нафар PhD даражасига эга профессор-ўқитувчилар жалб қилинган бўлиб, 2019/2020 ўқув йилида 498 нафар талаба биринчи босқични якунлади. Тошкент шаҳридаги Амити университетига 2020/2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари тўлиқ онлайн шаклда ташкил этилиб, 384 нафар талаба қабул қилинди.

Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида 51 нафар профессор-ўқитувчи ва ассистент фаолият юритиб, талабаларнинг умумий сони 1506 нафарни ташкил этади. Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига 2020/2021 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари тўлиқ онлайн шаклда ташкил этилиб, 420 нафар талаба қабул қилинди.

Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб 2020/2021 ўқув йили учун қабул квотаси 330 нафар этиб белгиланган бўлиб, кириш имтиҳонлари республикамизда биринчи маротаба онлайн шаклда икки босқичда ўтказилди.

Президентимиз томонларидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг
3-ташаббуси доирасида Аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган, шунингдек, уларни ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш мақсадида республика бўйича 107 та Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил этилди.

Учрашувда ёшларнинг ташуббуслари жуда муҳим эканлиги таъкидланди. Тизимда ёшлар билан алоҳида ишлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, вазирлик тизимидаги раҳбарларга ёшлар масаласини ўзи учун устувор вазифа қилиб белгилаб олиши бўйича тавсиялар берилди.

Мулоқот давомида ёшлар томонидан соҳани ривожлантиришга оид таклифлар, мулоҳазалар билдирилди. Вазир Шуҳрат Содиқов улар томонидан билдирилган танқидий мулоҳазалар юзасидан соҳадаги тегишли корхоналар раҳбарларига топшириқ берар экан, айрим иқтидорли ёшларнинг таклифларини шахсан ўзи бафуржа кўриб чиқишга тайёрлигини, лозим топилса, уларнинг амалиётга жорий қилиниши устида иш олиб борилишини қайд этди.

Ёшларнинг мақсад-муддаоларини яқиндан билиш, уларни катта-катта ишларга сафарбар этиш мақсадида ташкил этилган ушбу мулоқот салкам уч соат давом этди, видеоконференсалоқа орқали вилоятлардаги ёшлардан ҳам долзарб таклифлар билдирилди.

Тадбир якунида АКТ вазирлиги стипендияси қўлга киритганлар ҳамда фидоий меҳнати билан вазирлик томонидан миннатдорчиликка сазовор бўлган ёшларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Подписывайтесь на наш канал в Telegram, чтобы быть в курсе о новинках на рынке мобильных телефонов Ташкента. Для этого достаточно иметь Telegram на любом устройстве, пройти по ссылке и нажать на кнопку Join!