Мобиль қурилмалар IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш тартиби ўзгарди

Ҳукумат қарори билан мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Қарор матни Адлия вазирлигининг қонунчилик порталида эълон қилинди.

Унга кўра, эндиликда Ўзбекистон ҳудудида мобиль қурилмалар чакана савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари мобиль қурилмаларни республика ҳудудига олиб кириш санасидан қатъи назар, уларни рўйхатдан ўтказиш учун жавобгар бўлади.

Шунингдек, мобил қурилманинг бир слотига тегишли IMEI коди 2019 йил 1 ноябргача автоматик рўйхатдан ўтган ва базага киритилган бўлса, унинг бошқа слотидаги IMEI коди қурилма эгаси томонидан қуйидаги ҳаракатлар бажарилганидан сўнг тизим оператори томонидан 3 иш соати мобайнида бепул амалга оширилади:

  • мобиль қурилма эгасининг тизим оператори ёки тизим рўйхатга олувчисига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан шахсан мурожаат қилиши;
  • IMEI кодининг ушбу мобиль қурилмага ҳақиқий эканлигини тасдиқлаш (мобил қурилма клавиатурасида *#06# кодини ёзиб олинган IMEI кодининг экран тасвирини тақдим этиш);
  • белгиланган шаклдаги анкетани тақдим этиши.

Агар мобиль қурилманинг бир слотига тегишли IMEI коди 2019 йил 1 ноябрдан кейин аризага асосан рўйхатга олинган бўлса, ушбу қурилманинг бошқа слоти IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш 3 соат иш вақтида тўлов асосида амалга оширилади.

Жисмоний шахслар томонидан халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилган мобиль қурилмаларни тизим операторининг сайти орқали ҳам рўйхатга олиш мумкин бўлмоқда. Бунинг учун почта идентификаторининг штрих коди, календарь штампели бўлган конверт ва жўнатма олувчининг паспортини кўрсатиш лозим. Аввалги тартиб бўйича бу фақат тизим операторига шахсан мурожаат этиш орқали амалга ошириларди.

Жисмоний шахслар томонидан рўйхатга олиш учун кўрсатилган мобиль қурилмалар олиб кирилганди, шу жумладан, халқаро почта ёки курьерлик жўнатмалари орқали келтирилган мобил қурилмалар сони жисмоний шахслар учун қонун ҳужжатларида белгиланган божхона нормаларидан ошмаслиги лозим.

Бундан ташқари, қарор билан божхона чегарасидан товарларни божсиз олиб кириш нормаларига риоя қилинмаган ҳолда олиб кирилган мобиль қурилмалар, улар учун импорт қилувчи сифатида божхона тўловлари тўлангандан сўнг IMEI кодлари рўйхатдан ўтказиладиган бўлди.

Маълумки, Ўзбекистондаги мобил телефонлар махсус IMEI коди бўйича рўйхатга олиниши тартиби 2019 йил 1 апрелдан жорий этилган эди.

Подписывайтесь на наш канал в Telegram, чтобы быть в курсе о новинках на рынке мобильных телефонов Ташкента. Для этого достаточно иметь Telegram на любом устройстве, пройти по ссылке и нажать на кнопку Join!