“Nokia’нинг алоқаси зўр” ёки харидорлар орасида энг кўп тарқалган стереотиплар

Статистика кўра, Ўзбекистон ва МДҲ мамлакатларида смартфон фойдаланувчилари ўртача ҳар икки йилда бир марта телефон алмаштиришар экан. Янги смартфон олишга келганда эса, кўпчилик фойдаланувчилар асосан ёшлигидаги биринчи тажрибаси, тенгдошларидан эшитганлари, ҳамкасбларининг фикрлари, кўзига кўп тушадиган реклама таъсирида шаклланган янглиш стереотиплардан келиб чиқиб иш кўрадилар. Ушбу мақолада харидорлар орасида у ёки бу смартфон ишлаб чиқарувчилар (брендлар) ҳақида энг кўп тарқалган, аслида эса унчалик ҳақиқатга яқин бўлмаган қарашлар (стереотиплар) ҳақида сўз боради.

Фото: Nokia

“Nokia телефонларининг алоқаси зўр”

Фойдаланувчилар орасида энг кўп тарқалган стереотиплардан бири – бу Nokia телефонлари антеннани энг яхши ушлайди, шунинг учун уларнинг алоқаси зўр, деган қарашдир. Маълумки, кўпчиликнинг биринчи ишлатган телефони Nokia бўлган, у пайтларда эса мобиль алоқа фойдаланувчилар сони унча кўп бўлмаган, базавий станциялар эса бугунгидай босим остида ишламас эди. Натижада, оддий кнопкали телефонлар ҳам алоқани яхши ушлаган, ҳатто битта антенна кўрсатган пайтида ҳам бемалол гаплашиш мумкин бўлган. Шу сабаб, аксарият фойдаланувчиларда Nokia антеннани яхши тутади, бу бренд эса энг ишончли телефонлар ишлаб чиқаради, деган тушунча ўрнашиб қолган. Аслида, алоқанинг сифати ишлаб чиқарувчининг брендига унчалик боғлиқ эмас, яъни бозордаги аксарият телефонлар антенналар билан уланишда деярли бир хил даражага эга. Бу эса, Nokia телефонлари қандайдир техник устунлик сабаб бошқа брендлар телефонларидан кўра алоқани яхшироқ ушлайди, деган қарашнинг нотўғрилигини яна бир бор исботлайди!

“Samsung телефонлари фақат янги пайтида яхши ишлайди”

Кўпчилик фойдаланувчилар орасида Жанубий Корея ширкати телефонлари фақат янги пайтидагина яхши ишлайди, сотиб олинганидан кейин 6 ой ўтгач унинг хотираси тўлиб қолиб, муаммо чиқади, бунга эса телефонга ўрнатилган Samsung иловалари сабаб, деган нотўғри қараш шаклланган. Тўғри, ушбу муаммо бундан анча йиллар олдин бўлган, лекин бугунги кунда бундай муаммо деярли йўқ. Яъни, ушбу бренд остидаги телефоннинг “қотиши”га Samsung One UI 2.0 фирма оболочкаси сабаб эмас.

Фото: Android Priority

Бунинг сабаби оператив хотиранинг етарлича эмаслиги, доимий хотиранинг маълумотлар билан тўлиб кетиши, телефонда ўта мураккаб графикага эга ўйинларни ўйнаш, бир пайтнинг ўзида жуда кўплаб иловаларнинг очилганлиги ва ҳ.к.лар бўлиши мумкин. Қисқача айтганда, хотираси вақтида “тозаланиб”, операцион тизими ва иловалар вақтида янгиланиб турилса, Samsung бир-икки йил эмас, балки камида тўрт-беш йил ҳам муаммосиз ишлаб бериши мумкин.

“iPhone’ни фақат мақтаниш учун сотиб олишади” 

Ҳозирга қадар кўпчилик истеъмолчилар орасида Apple смартфонларини одамлар фақат ўзини бой қилиб кўрсатиш, мақтаниш учун сотиб олишади, деган тушунча бор. Ушбу компания телефонлари ишқибозлари ҳақида яна бир янглиш қараш – iPhone’да ҳеч бир нарсани ўзгартириб бўлмайди, ушбу телефонга Android’да ишловчи қурилмалардан фарқли равишда, ҳатто ўзингга ёққан рингтонни ҳам ўрнатолмайсан, деган тушунчадир.

iPhone 12 Pro Max ва iPhone 12 Mini

Тўғри, кимдир Айфонни мақтаниш учун ҳам сотиб олиши мумкин, лекин iOS тизимида ишловчи смартфон эгалари орасида ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, аксарият фойдаланувчилар Apple смартфонларини ҳар доим стабил ишлаши, операцион тизими ҳар йили бир марта янгиланиши, телефондаги маълумотларнинг ишончли сақланиши, телефон операцион тизимидаги қулайликлар, смартфоннинг ўта сифатли эканлиги учун танлашади. Бундан ташқари, аслида, iPhoneга исталган дастур ёки рингтонни ҳам ўрнатиш мумкин, фақат бунинг учун бироз ҳаракат қилиш, ўқиш-ўрганиш керак. Бунинг устига, ишлатилган iPhone’ларни радан бир неча йил ўтиб ҳам анча қимматга сотиб юбориш мумкин!

“Xiaomi – арзон смартфонлар ишлаб чиқаради”

Смартфон фойдаланувчилари орасида кўп тарқалган яна бир нотўғри қараш – Xiaomi доимо арзон смартфонлар ишлаб чиқаради, бу маркадаги телефонлар – номи чиққан брендлардаги флагманларнинг арзон варианти, деган тушунчадир. Тўғри, ушбу бренд эндигина чиққан пайтларда Xiaomi смартфонлари рақобатчилариникига қараганда анча арзон турар эди.

Лекин вақт ўтиши билан, Xiaomiнинг ҳар кейинги авлод телефонлари олдингиларига қараганда аста секин қимматлашиб бормоқда. Масалан, 2019 йилда ишлаб чиқарилган Mi 9 модели бошида 500 доллар атрофида сотилган бўлса, компаниянинг 2020 йилги флагмани Mi 10 модели 750 доллардан сотувга чиқди. Ширкатнинг энг қиммат смартфони эса минг доллардан зиёд туради. Яъни, эндиликда Xiaomi бюджет телефонлар ишлаб чиқарувчи ширкат эмас.

“Sony смартфонлари энг яхши камерага эга”

Ҳақиқатдан ҳам, япон фирмаси CyberShot сериясига кирувчи телефонлар ишлаб чиқарган пайтларда Sony тамғаси туширилган қурилмалар энг зўр камерага эга эди. Шу сабабли бўлса керак, кўпчилик фойдаланувчилар орасида Sony смартфонлари ҳалигача энг яхши камераларга эга, деган фикр ўрнашиб қолган. Аслида эса ушубу компания кейинги йилларда чиқарган бирон бир смартфон камераси сабаб экспертлар ва фойдаланувчиларнинг мақтовига сазовор бўлгани йўқ. Бунинг сабаблари ноъмалум.

Қизиғи, ҳозирда Samsung, Xiaomi, Apple ширкатлари ишлаб чиқарган смартфонлардаги 102-МП, 64-Мп ва 48-Мп камералар датчикларини Sony ишлаб чиқаради, аммо негадир бу ишланмалар япон компаниясининг ўз смартфонларига деярли ўрнатилмайди. Агарда сиз камераси энг зўр телефон қидираётган бўлсангиз, уни яхшиси бошқа ишлаб чиқарувчилар томонидан ясалган смартфонлар орасидан қидирганингиз маъқул.

Смартфонни қандай танлаш керак?

Бунда биринчи навбатда смартфоннинг брендига эмас, балки ўз эҳтиёжларингиздан келиб чиқинг! Айтайлик, сиздга смартфон расмга тушириш учун керак бўлса, камераси 64-Мп ёки 102-Мп бўлган моделлар орасидан танланг. Агар телефоннинг автиономлик кўрсаткичи муҳимроқ бўлса, батареяси сиғими катта бўлган смартфон олинг. Агарда, смартфон сизга ўйинлар учун керак бўлса, оператив хотираси ҳажми катта ва процессори кучлироқ бўлган телефон олинг. Мабодо, сиз учун смартфон дизайни энг муҳим бўлса, шундан келиб иш тутинг. Шуни билиш керакки, ҳамма томондан идеал смартфон мавжуд эмас ва бугун энг замонавий бўлган телефон ҳам бир икки йилда эскириб қолади. Смартфон харид қилишда буни ҳам эстда тутинг! Ўйлаймизки, юқоридаги фикрлар сизга тўғри танлов қилишда қўл келади!

Подписывайтесь на наш канал в Telegram, чтобы быть в курсе о новинках на рынке мобильных телефонов Ташкента. Для этого достаточно иметь Telegram на любом устройстве, пройти по ссылке и нажать на кнопку Join!